avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
18.07.2026 07:09
Жорий йилда давлат олий таълим муассасаларида ҳар бир ўринга 3,3 та абитуриент тўғри келибди (хусусий университетлар қабулини ҳам қўшса бу рақам янада камаяди).

Мен имтиҳон топширган йили (2015) бир ўринга 10,4 та абитуриентлар тўғри келган эди.

@Mirkonomika
18 1.4K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
18.07.2026 06:55
Юқоридаги  постда айтганимдек, 2025 йилдан кейин Хитойнинг АҚШга экспорти қисқарган бўлишига қарамасдан бошқа давлатларга нисбатан юқори ўсди. Бу тенденция мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, 2025 йил апрель  ойида Хитой билан савдода 12 ойлик  савдо дефицити 8,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг мос ойида дефицит 13,7 млрд долларга етган.  Яъни бир йилда Хитой билан дефицитимиз 58 фоизга ошган.

Бунда, импортнинг ўсиши асосий роль ўйнаган хусусан, ўтган йилнинг  биринчи 4 ойида ойлик ўртача импорт ҳажми 893 млн долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1,3 млрд долларга етган (ўсиш 48,4 фоиз).

Лекин нисбатан юқори база таъсирида импортнинг ўсиш суръати жорий йилнинг май ойидан секинлашишни бошлаган. Шунингдек экспортнинг ўсиши тезлашган бу эса ўз навбатида дефицитнинг барқарорлашишига имконият яратган.

@Mirkonomika
5 1.4K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
18.07.2026 06:23
2025 йилги савдо уруши натижасида Хитойнинг АҚШ билан савдо профицити  сезиларли қисқарди лекин дунёнинг бошқа минтақаларига экспорти нисбатан юқори ўсишга эришди.

Масалан, графикда АҚШ ва Европа иттифоқининг Хитой билан савдо дефицити тасвирланган.  Ўтган йилдан буён Европа Иттифоқининг Хитойдан дефицити сезиларли ошган бўлса, АҚШда тескари тенденция кузатилган.

@Mirkonomika
2 1.3K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
18.07.2026 06:15
Хитойда иккинчи чоракда иқтисодий ўсиш сўнгги 3 йилдаги ўзининг энг паст даражасини қайд этибди. Иккинчи чоракда иқтисодий ўсиш 4,3 фоизни ташкил этган, таққослаш учун ўсиш 5 фоизга тенг бўлган.

Маълумот учун, Хитой ҳукуматининг ўсиш бўйича таргети 5 фоизни ташкил этади.

Ўйлашимча етарли ички талабсиз  экспортга асосланган модель билан нисбатан юқори ўсишни узоқ вақт сақлаб қолиш қийинлашиб борса керак. Хитойда аҳолининг қисқариши фонида эса  ялпи талабга стимул бериш ҳам қийинлашиб боради.

@Mirkonomika
5 1.4K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
15.07.2026 05:22
Телеграм мен анчадан буён кутган янгиланишни қилибди.

Энди постларга битта эмас бир нечта график жойлаштириш, энг муҳими графикларни матннинг исталган қисмига қўйиш мумкин. Юқоридаги постда айнан шуни синаб кўрдим.

Бу ўзгариш Телеграмда блог юритишни анча ривожлантирса керак.
7 2.4K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
15.07.2026 04:55
Респондентлар орасида, эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ фарзанди бўлишини хоҳлар экан.
10 2.3K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
15.07.2026 04:37
БМТнинг янги (онлайн) сўровномасига (73 та давлатдан 108 мингта 18-39 ёшдаги аҳолидан қилинган) кўра, 35-39 ёшдаги фарзандсиз респондентларнинг 75 фоиздан кўпроғи фарзанд кўришни хоҳлар экан.

Ўзбекистонда бу кўрсаткич қарийб 100 фоизга тенг, яъни мамлакатимиздаги айни ёшдаги фарзандсиз кишиларнинг деярли ҳаммаси фарзанди бўлишини хоҳлайди.  

@Mirkonomika
6 2.2K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
14.07.2026 05:49
Сўмдаги ноллардан қутулишимиз керакми?

Алифбони ўзгартириш бўйича муҳокамалар фонида миллий валютамизни ҳам деноминация қилиш керак деган фикрлар кўпаймоқда. Хусусан, Шу мавзуда  вақт.узда мақола чиқибди.

Бир қарашда алифбо баҳонасида вақтдан фойдаланиб, сўмдаги ортиқча ноллардан ҳам қутулиш тўғридек, лекин мақолада деноминация натижасида келадиган фойдалар ҳақидаги фикрлар унчалик тўғри эмас деб ўйлайман.

Биринчидан, алифбо ўзгаргани билан купюралар бир вақтда ўзгармайди. Яъни, алифбо билан купюраларни вақт ўтиши билан алмаштириш ҳамда алифбо билан бир вақтда купюраларни тўлиқ алмаштириш (деноминация) бир-бирига тенг бўлмаган  харажатлар ҳисобланади. Яъни ҳамма купюраларни бир вақтда ўзгартириш харажатлари каррасига катта (бундан ташқари, деноминациянинг бошқа харажатлари мавжуд).

Шунингдек, мақолада келтирилган бир вақтда эски ва янги купюралар муомалада бўлиши амалда турли чалкашликлар ва беқарорликларни келтириб чиқаради. Бу эса деноминациядан кутилган натижага эришилмаслигига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, деноминация валютани “қадрлироқ” қилиб қўймайди. Масалан 1 доллар 12 000 эмас балки 12 сўмлиги уни барқарор ёки қадрлироқлигини англатмайди. Яъни бу одамларда сўмга бўлган ишончнинг ортишига олиб келиб мамлакатдаги долларлашувга ҳам ижобий таъсир ўтказмайди. Инвесторлар масаласида ҳам худди шундай, уларга миллий валютамиздаги  ноллар сонидан кўра умумий макроиқтисодий барқарорлик, мулк ҳуқуқи каби омиллар кўпроқ таъсир ўтказади.

Амалда деноминация қилинганига кўп бўлмаган валюта инвесторларга тескари сигнал бериши мумкин.

Учинчидан, деноминация мамлакатдаги беқарор муҳит ҳақида сигнал беради. Шунингдек, баъзида бир марта деноминация қилган мамлакатлар яна шу жойга қайтиб келишади. Масалан, Аргентина, Бразилия, Венесуэла, Зимбабве тарихларида бир неча бор деноминацияни амалга оширишган.

Агар мамлакатда инфляция даражаси Марказий банк таргетига яқин шаклланса,  унда деноминация қилиш нима учун керак?. Яъни йиллик инфляция 5 фоиз ёки ундан бироз юқори бўлиши купюраларнинг харид қобилиятига катта таъсир ўтказмайди. Масалан, шундай шароитда тахминан ҳар 50 йилда сўмга битта ноль қўшилиши мумкин.

Агар нақд пул билан амалиётда муаммо юзага келаётган бўлса, унда валютамиздаги ноллар орасига битта “пробел” қўйиш ёки яна битта катта купюра чиқариш муаммони тўлиқ ечади.

Деноминациянинг реал иқтисодиётга ҳеч қандай таъсири йўқ. Масалан Жанубий Корея миллий валютасида ҳам ноллар сони биздаги каби кўп. Лекин бу мамлакатнинг ривожланиши инвестицияларни жалб қилиши ёки мамлакатдаги долларлашув даражасига салбий таъсир қилгани йўқ. Яъни миллий валютадаги 4 ёки 5 та ноллар ривожланишга тўсиқ бўладиган омил эмас. Одатда деноминациядан келадиган харажат у олиб келадиган фойдадан (қулайлик) юқори бўлади.  

Бу масалада балки мен нисбатан консерватив қарашга эгадирман, лекин ҳозирги вақтда сўмнинг деноминация қилинишига ҳеч қандай арзирли сабаб кўрмаяпман.

@Mirkonomika
26 2.4K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
10.07.2026 11:59
Вилоятлар кесимида даромадлар бир-бирига яқинлашаяптими?

Иқтисодиётимиз сўнгги йилларда жуда юқори суръатларда ўсмоқда. Хусусан, пандемиядан кейинги даврда жон бошига номинал ЯИМ ҳажми қарийб 2 баробарга ошди. Шунингдек, мамлакатдаги умумий тенгсизлик даражаси (Джини коэффициентига кўра) кетма-кет икки йилдан буён қисқармоқда. Яъни мамлакатимизда уй хўжаликларининг даромадлари ўртасидаги тенгсизлик пасаймоқда.

Лекин вилоятлар кесимида ҳолат қандай?, даромадлар бир-бирига яқинлашяптими ёки тескари тенденция кузатилмоқда-ми?

Иқтисодиётда ( Solow моделининг хулосаларидан бири) вақт ўтиши билан паст даромадли давлатларда даромадлар юқори даромадли мамлакатларга яқинлашади деган хулоса мавжуд. Яъни вақт ўтиши билан мамлакатлар (бизнинг ҳолатда вилоятлар) ўртасида тенгсизлик камаяди. Бу борада якдил эмпирик натижалар мавжуд бўлмаса-да вилоятлар кесимида мазкур модель хулосаларни қайта текшириб кўрдим.

Бунда, 2010-2025 йилларда вилоятлар кесимида жон бошига даромаднинг (умумий даромад) йиллик ўртача ўсиши ҳамда 2010 йилдаги жон бошига даромади ўртасидаги боғлиқлик олинган. Агар вилоятлар кесимида даромадлар бир-бирига яқинлашаётган бўлса, унда 2010 йилда даромади юқори бўлган ҳудудлар секинроқ ўсган, даромади пастроқ ҳудудлар эса тезроқ ўсган бўлиб чиқиши керак.

Биринчи (юқоридаги) графикда бу ҳолатга гувоҳ бўлмаймиз, яъни 2010 йилда даромади юқори бўлган ҳудудлар нисбатан тезроқ ўсган. Лекин бу графикда боғлиқликни биргина пойтахт бузаётганлигини кўриш мумкин. Яъни Тошкент шаҳри 2010 йилда энг юқори даромадга эга ҳудуд бўлган бўлишига қарамасдан, даромад бутун давр давомида бошқа ҳудудлардан тезроқ ўсган.  

Агар Тошкент шаҳрини олиб ташлаб боғлиқни қайта текширсак кўрамизки 2010 йилдаги даромад ҳамда сўнгги 15 йилдаги ўртача ўсиш ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд (қуйи график). Ўртача олганда 2010 йилда даромади пастроқ бўлган ҳудудлар  даромади юқорироқ ҳудудлардан тезроқ ўсган. Яъни Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда ҳудудлар ўртасида даромадлар бир-бирига яқинлашган. Агар графикдан Навоий вилояти олиб ташланса ҳам мазкур боғлиқлик сақланиб қолади.

 Тошкент шаҳрининг мутлақ истиснолиги 2020 йилдан кейинги даврда хизматлар соҳасидаги жудаям юқори ўсиш билан ҳам изоҳланади. Агар пандемиядан олдинги даврда худди шу боғлиқликни текширсак, Тошкент шаҳри боғлиқликнинг тўлиқ бузилишига олиб келмайди.

Лекин 2019 йилдан кейинги даврда Тошкент шаҳрисиз ҳам вилоятлар ўртасида  даромадлар яқинлашиши секинлашган (бу эса алоҳида ўрганилиши керак чамамда).

@Mirkonomika
12 2.7K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
09.07.2026 12:32
Эрон билан савдомиз ўсишда давом этмоқда.

Уруш бошланишидан олдин Эрон билан тўғридан-тўғри савдо қисқариши мумкинлиги ҳақида ёзган эдим. Лекин уруш бошлангандан кейин Эрон билан савдо секинлашмади балки тезлашди. Масалан, март-май ойларида Эронга экспортнинг ўсиши олдинги йилнинг мос ойларига нисбатан 46,6 фоизни ташкил этган.  Таққослаш учун декабрь-февраль ойларида ўсиш 33,2 фоиз эди. яъни уруш  бошлангандан кейин ўсиш тезлашган.  

Экспортнинг ойлик ўсиши эса март ойида 60,6 фоизни, апрелда 64,8 фоизни ташкил этган. Май ойига келиб эса ойлик экспортимиз қарийб 20 фоизга ўсган. Экспортнинг ўсиши олдинги ойларга нисбатан секинлашган бўлса-да, лекин нисбатан соғлом суръатларда ўсишда давом этмоқда. Импорт билан ҳам худди шундай трендни кузатиш мумкин.

Умуман олганда, уруш бошланишидан олдинги прогнозлар қисқа муддатли даврда ўзини оқламади ва буткул тескари тенденция кузатилмоқда. Бундан ташқари урушдан олдин Эронда валюта курсининг кескин қадрсизланиши кузатилганди. Масалан, январь ойининг ўзида Эрон риали аксарият валюталар қатори сўмга нисбатан ўз қийматининг 95 фоизини йўқотган эди ( бу ўз навбатида реал курсни ҳам қадрсизлантирган). Валюта курсининг бундай кескин қадрсизланиши ўз навбатида мамлакатга импортни қисқартириб, экспортга стимул бериши керак, лекин кўрмоқдамизки Эроннинг Ўзбекистондан импорти қисқармаган балки юқори суръатларда ўсмоқда.

Бу ҳолат бир жиҳатдан АҚШ томонидан Эроннинг денгиз йўллари ёпилганлиги билан изоҳланиши мумкин. Яъни денгиз йўли ёпилиши натижасида бизнинг йўналишдан  савдо қилишга талаб ошган. Бу эса ўз навбатида уруш, шунингдек валюта курси қадрсизланиши салбий оқибатларининг олдини олган бўлиши мумкин.

@Mirkonomika
10 3K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
09.07.2026 04:19
ХВЖ ўсиш бўйича прогнозларини пасайтирган

 ХВЖнинг янгиланган прогнозларига кўра Жаҳон иқтисодиёти жорий йилда 3 фоизга ўсади.  Янги прогноз апрелдаги прогнозлардан 0,1 фоиз бандга пасайтирилган. Бу ўз навбатида Яқин Шарқдаги урушнинг салбий оқибатлари билан изоҳланади (янги технологияларга талабнинг ўсиши эса ўсишни тезлаштирувчи омил бўлган).

Ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатларда ўсиш олдинги прогнозлардан 0,1 фоиз бандга секинроқ бўлиши прогноз қилинмоқда.

Алоҳида давлатлардан, АҚШда ўсиш 2,3 фоиз, Германияда 0,9 фоиз (апрелдаги прогнозлардан 0,2 фоиз банд пастроқ), Японияда 0,6 фоизни (-0,1 фоиз банд) ташкил этиши кутилмоқда.  Асосий ҳамкорларимиздан Хитойнинг ўсиш бўйича прогнозлари 0,2 фоиз бандга яхшиланиб, 4,6 фоизни, Туркияда 2,9 фоизни, Россия ҳамда Қозоғистонда эса  мос равишда 1,1 фоиз ҳамда 4,6 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

@Mirkonomika
9 3.1K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
08.07.2026 07:28
2025 йилда 6 та давлатнинг даромад гуруҳи ўзгарган

 Жаҳон Банки узоқ йиллардан буён мамлакатларни даромадидан (GNI бўйича) келиб чиқиб  4 та даромад гуруҳига ажратиб келади. Хусусан, классификацияга кўра мамлакатлар паст, паст-ўрта, юқори-ўрта ҳамда юқори даромадли гуруҳларга бўлинади.

2025 йилда жон бошига даромади 1175 доллардан паст мамлакатлар паст даромадли ҳисобланса, даромади 1176-4635 доллар оралиғидагилар паст-ўрта даромадли, 4636-14 375 доллар оралиғидаги мамлакатлар эса юқори-ўрта даромадли мамлакатлар ҳисобланади. Даромади 14 375 доллардан юқори бўлган мамлакатлар эса юқори даромадли мамлакатлар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда дунё мамлакатларининг 11,4 фоизи паст даромадли, 21,6 фоизи паст-ўрта даромадли, 27 фоизи юқори-ўрта даромадли, қолган 40 фоизи эса юқори даромадли ҳисобланади.

Мамлакатлардаги даромадлар ўсиши сабаб йиллар давомида юқори даромадли мамлакатлар улуши ошиб, паст даромадли мамлакатлар улуши эса қисқариб борган. Хусусан, 1995 йилда жами мамлакатларнинг 31 фоизи (ҳозиргидан 19,6 фоиз банд кўп) паст даромадли мамлакат ҳисобланган. Шунингдек, юқори даромадли мамлакатлар улуши ҳозиргидан 16,4 фоиз банд паст шаклланган.

2025 йилда Того паст даромадли мамлакатлардан паст-ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳига қўшилган. Шунингдек, Иордания, Микронезия, Филиппин, Шри-Ланка, Ветнам каби мамлакатлар паст-ўрта даромадли мамлакатдан юқори-ўрта даромадли мамлакатларга айланишган.

Мамлакатимиз 2025 йилда жон бошига даромади (GNI) 3670 долларни ташкил этиб, паст-ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳидан жой олган. Ҳозирги ўсиш суръатлари билан 2027 йил cўнггидаёқ мамлакатимиз юқори-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига қўшилиши мумкин.

Мустақилликка эришган вақтимизда ҳам паст-ўрта даромадли мамлакат ҳисобланганмиз (кейинчалик паст даромадли мамлакат сифатида ҳам 10 йиллар давомида таснифланган). Яъни келаси йилда юқори-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига қўшилсак, бу вазифани 36 йилда уддалаган бўламиз.

@Mirkonomika
11 2.9K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
07.07.2026 13:40
Марказий Осиё мамлакатлари орасида кимнинг ташқи мажбуриятлари кўпроқ

Биринчи чоракда мамлакатимизнинг жами ташқи мажбуриятлари (ташқи қарзнинг кенгроқ кўриниши) 89,9 млрд долларни ташкил этди. Таққослаш учун бу кўрсаткич қўшниларимиз Қозоғистонда 182,8 млрд долларни, Қирғизистонда эса 12,4 млрд долларга тенг бўлган.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ялпи ташқи мажбуриятлар мамлакатимизда 19,5 фоизга, Қозоғистонда 7,5 фоизга, Қирғизистонда эса 1,4 фоизга ўсган.

Бир қарашда Қозоғистонда Ялпи ташқи мажбуриятлар жуда юқоридек кўринади. Масалан Қозоғистонда ташқи мажбуриятлар ҳажми Ўзбекистонга нисбатан 2 баробар, Қирғизистонга нисбатан эса 14,7 баробарга кўпроқ. Лекин ташқи мажбуриятларнинг структураси ҳамда даромаддаги улушини таққосласак Қозоғистонда ташқи мажбуриятлар уқадар юқори эмаслигига гувоҳ бўламиз.  

Биринчидан, Қозоғистонда ташқи мажбуриятларнинг даромаддаги (ЯИМ) улуши 59,7 фоизни ташкил этади. Таққослаш учун мамлакатимизда бу кўрсаткич 61,1 фоизга тенг (2025 йил ЯИМИ билан ҳисобланган), Қирғизистонда эса ялпи ташқи мажбуриятлар ЯИМнинг 55 фоизини ташкил этган.

2019 йил билан таққослаганда Қирғизистон ҳамда Қозоғистонда ялпи ташқи мажбуриятларнинг ЯИМдаги улуши сезиларли пасайган бўлса, мамлакатимизда бу кўрсаткич сезиларли ошган. Хусусан, 2019 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонда Ялпи ташқи мажбуриятларнинг ЯИМдаги улуши 89,3 фоизни, Қирғизистонда эса 100 фоизни ташкил этган бўлса, Сўнгги 7 йилда бу кўрсаткич  Қозоғистонда 29,7 фоиз бандга, Қирғизистонда эса 45,2 фоиз бандга пасайган. Мамлакатимизда эса бу даврда ялпи ташқи мажбуриятларнинг ЯИМдаги улуши  26,2 фоиз бандга ошган (2019 йилда ЯИМнинг 34,9 фоизини ташкил этган).

Шу маънода сўнгги 7 йилда бу уч давлат орасида мамлакатимиз энг паст қарз юкига эга мамлакатдан, энг юқори қарз юкига эга мамлакатга айланган. Бу ўз навбатида нисбатан паст база таъсири билан ҳам изоҳланади. Яъни янги даврда дунёга очилишимиз кўпроқ молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятини яратган.

Иккинчидан Қозоғистонда ялпи ташқи мажбуриятларнинг қарийб тенг ярми (47,8 фоизи) тўғри инвестиция киритган корхоналар ўртасидаги мажбуриятларга тўғри келади. Таққослаш учун мамлакатимизда бу кўрсаткич 6,9 фоизга тенг, холос. Шунингдек, Қозоғистонда Жами ялпи ташқи мажбуриятларнинг 9,1 фоизи ҳукумат (General Government) ҳиссасига тўғри келса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 40,8 фоизга тенг.

 Умуман олганда, номинал рақамларда Қозоғистоннинг Жами ялпи мажбуриятлари   баланд бўлса-да, юқоридаги сабабларга кўра, унинг ҳақиқий даражаси қўшниларидан  деярли фарқ қилмайди. Ўзбекистон билан таққослаганда эса ҳатто пастроқ ҳам.

@Mirkonomika
22 3K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
07.07.2026 05:31
Туғилиш даражасининг пастлиги аҳоли сонига қандай таъсир қилиши юқоридаги графикда яққол кўринади.

2024 йил бошида Жанубий Кореяда аҳоли сони 51,7 млн кишини ташкил этиб, Ўзбекистонга нисбатан 40 фоизга кўпроқ шаклланган.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳар бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 3,2 ни ташкил этади, Жанубий Кореяда эса бу кўрсаткич 1 дан паст. Бу ўз навбатида Жанубий Кореяда аҳоли сони қисқариб боришига мамлакатимизда эса ўсишда давом этишига  олиб келади.

Натижада, БМТ прогнозларига кўра 2041 йилда Ўзбекистон аҳоли сони бўйича Кореяни қувиб ўтади (Ўзбекистон бўйича прогнозларни сўнгги маълумотлар асосида янгиладим).

Аср сўнггига бориб эса мамлакатимизда аҳоли сони 77,7 млн кишига  етса, Жанубий Кореяда 22 млн кишигача қисқаради. Яъни туғилиш даражасининг пасайиши ва паст даражада қолиши натижасида биздан 40 фоизга кўпроқ Корея аҳолиси 75 йилдан кейин мамлакатимиздагидан 3,5 баробарга камроқ шаклланиши мумкин.

@Mirkonomika
25 3K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
07.07.2026 04:57
Корея дунёдаги энг паст туғилиш (TFR) қайд этилаётган мамлакат эмас

2025 йилда Тайван ( ҳар бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 0,7 та) ҳамда Гонконг (0,73) кабиларда туғилиш даражаси Жанубий Кореядан (0,8) пастроқ шаклланган бўлса, 2026 йилда Хитой (0,9), Таиланд (0,77), Сингапур (0,82) каби  мамлакатларда ҳар бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони Жанубий Кореядагидан (0,93) пастроқ шаклланиши кутилмоқда.

Энг қизиғи бу мамлакатларда (Жанубий Корея ҳам шу жумладан), ҳозирги авлод сони битта олдинги авлодга нисбатан 2 баробардан кўпроққа қисқаради. Яъни ҳар иккита одамдан биттадан камроқ фарзанд қолмоқда.  

@Mirkonomika
15 2.4K
avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
06.07.2026 10:07
Инфляциянинг муқобил кўрсаткичлари

Июнь ойида мева-сабзавотлар нархларининг пасайиши умумий инфляцияни  секинлаштирувчи омил бўлган бўлса, энергия нархларининг ўсиши уни оширувчи омил бўлиб хизмат қилган. Буни йилликка тенглаштирилган муқобил инфляция кўрсаткичларидан ҳам кўриш мумкин.

Масалан, бир ойлик йилликка тенглаштирилган умумий инфляция 7,4 фоизни ташкил этган бўлса, мева-сабзавотлар таъсирисиз кўрсаткич 19,6 фоизни ташкил этган. Яъни агар бир йил давомида июнь ойида кузатилган ойлик инфляция кузатилса, бир йилдан кейин йиллик инфляция 7,4 фоизга, мева-сабзавотлар таъсирисиз кўрсаткич эса 19.6 фоизга етиши мумкин. Лекин, бу бир ойлик кўрсаткичларда “шовқинлар” жуда юқори, шу сабабли бу кўрсаткичлар тўғри хулоса чиқаришга ёрдам бермайди. Чунки, (назорат қилинадиган) энергия нархлари ҳамда мева-сабзавотларсиз кўрсаткич (базавий инфляция) юқоридагидан анча пастроқ шаклланган. Яъни ҳозирги бир ойлик кўрсаткични энергия нархлари ўсиши белгилаб бермоқда, келаси ойдан эса (энергия нархлари июндаги каби ўсмайди) бир ойлик кўрсаткич сезиларли пасаяди (ҳатто дефляция ҳам кузатилиши мумкин).

3 ойлик умумий йилликка тенглаштирилган умумий инфляция 5,7 фоиз, мева-сабзавотлар таъсирисиз кўрсаткич эса 11,3 фоизни ташкил этган. Лекин юқоридаги сабабга кўра, бу кўрсаткич ҳақиқий вазиятни бироз ошириб кўрсатаётган бўлиш эҳтимоли юқори.

Шунингдек 6 ойлик йиллик тенглаштирилган умумий кўрсаткич 6,8 фоизни, мева-сабзавотларсиз кўрсаткич эса 8,9 фоизни ташкил этмоқда.

@Mirkonomika
4 2.6K

Mirkonomika

8.8K
Bu yerda yozilgan fikrlar shaxsiy bo’lib, hech qaysi tashkilot fikri yoki qarashlarini ifoda etmaydi.

Murojat uchun: @Mirkonomika1_bot
Открыть в Telegram