avatar
Mirkonomika
@Mirkonomika
14.07.2026 05:49
Сўмдаги ноллардан қутулишимиз керакми?

Алифбони ўзгартириш бўйича муҳокамалар фонида миллий валютамизни ҳам деноминация қилиш керак деган фикрлар кўпаймоқда. Хусусан, Шу мавзуда  вақт.узда мақола чиқибди.

Бир қарашда алифбо баҳонасида вақтдан фойдаланиб, сўмдаги ортиқча ноллардан ҳам қутулиш тўғридек, лекин мақолада деноминация натижасида келадиган фойдалар ҳақидаги фикрлар унчалик тўғри эмас деб ўйлайман.

Биринчидан, алифбо ўзгаргани билан купюралар бир вақтда ўзгармайди. Яъни, алифбо билан купюраларни вақт ўтиши билан алмаштириш ҳамда алифбо билан бир вақтда купюраларни тўлиқ алмаштириш (деноминация) бир-бирига тенг бўлмаган  харажатлар ҳисобланади. Яъни ҳамма купюраларни бир вақтда ўзгартириш харажатлари каррасига катта (бундан ташқари, деноминациянинг бошқа харажатлари мавжуд).

Шунингдек, мақолада келтирилган бир вақтда эски ва янги купюралар муомалада бўлиши амалда турли чалкашликлар ва беқарорликларни келтириб чиқаради. Бу эса деноминациядан кутилган натижага эришилмаслигига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, деноминация валютани “қадрлироқ” қилиб қўймайди. Масалан 1 доллар 12 000 эмас балки 12 сўмлиги уни барқарор ёки қадрлироқлигини англатмайди. Яъни бу одамларда сўмга бўлган ишончнинг ортишига олиб келиб мамлакатдаги долларлашувга ҳам ижобий таъсир ўтказмайди. Инвесторлар масаласида ҳам худди шундай, уларга миллий валютамиздаги  ноллар сонидан кўра умумий макроиқтисодий барқарорлик, мулк ҳуқуқи каби омиллар кўпроқ таъсир ўтказади.

Амалда деноминация қилинганига кўп бўлмаган валюта инвесторларга тескари сигнал бериши мумкин.

Учинчидан, деноминация мамлакатдаги беқарор муҳит ҳақида сигнал беради. Шунингдек, баъзида бир марта деноминация қилган мамлакатлар яна шу жойга қайтиб келишади. Масалан, Аргентина, Бразилия, Венесуэла, Зимбабве тарихларида бир неча бор деноминацияни амалга оширишган.

Агар мамлакатда инфляция даражаси Марказий банк таргетига яқин шаклланса,  унда деноминация қилиш нима учун керак?. Яъни йиллик инфляция 5 фоиз ёки ундан бироз юқори бўлиши купюраларнинг харид қобилиятига катта таъсир ўтказмайди. Масалан, шундай шароитда тахминан ҳар 50 йилда сўмга битта ноль қўшилиши мумкин.

Агар нақд пул билан амалиётда муаммо юзага келаётган бўлса, унда валютамиздаги ноллар орасига битта “пробел” қўйиш ёки яна битта катта купюра чиқариш муаммони тўлиқ ечади.

Деноминациянинг реал иқтисодиётга ҳеч қандай таъсири йўқ. Масалан Жанубий Корея миллий валютасида ҳам ноллар сони биздаги каби кўп. Лекин бу мамлакатнинг ривожланиши инвестицияларни жалб қилиши ёки мамлакатдаги долларлашув даражасига салбий таъсир қилгани йўқ. Яъни миллий валютадаги 4 ёки 5 та ноллар ривожланишга тўсиқ бўладиган омил эмас. Одатда деноминациядан келадиган харажат у олиб келадиган фойдадан (қулайлик) юқори бўлади.  

Бу масалада балки мен нисбатан консерватив қарашга эгадирман, лекин ҳозирги вақтда сўмнинг деноминация қилинишига ҳеч қандай арзирли сабаб кўрмаяпман.

@Mirkonomika
27 2.9K

Обсуждение 0

Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.

Обсудить в Telegram

Mirkonomika

8.8K
Bu yerda yozilgan fikrlar shaxsiy bo’lib, hech qaysi tashkilot fikri yoki qarashlarini ifoda etmaydi.

Murojat uchun: @Mirkonomika1_bot
Открыть в Telegram