Жуда ёмон, зарарли ва антиижтимоий таклиф
Лойиҳага кўра, БҲМнинг 1 000 бараваридан (1 сентябрдан 440 млн.сўм) ошмайдиган электромобилларни бирламчи бозордан харид қилиш учун ажратилган
автокредитлар бўйича фоиз харажатларининг 8 фоиз бандигача бўлган қисмини давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш таклиф этилмоқда. Бунда компенсация 300 млн.сўмгача бўлган автокредитларга тадбиқ қилинади.
Бу жудаям ёмон, зарарли ва антиижтимоий таклиф. Нега?
Биринчидан, охирги ойларда иқтисодий блок аввалги йилларда турли чўнтакларга, ўнгга ва чапга ҳисобсиз тарқатилган солиқ имтиёзларини қисқартириш ва тугатишга оид турли таклифларни илгари сурмоқда. Бундай пайтда иккинчи қўл билан солиқ имтиёзи беришдан ҳам бадтар бўлган бюджет компенсациясини тақдим этиш камида ҳаракатларда узвийликнинг бузилиши, кўпи билан икки хил стандартлар бўлади. Солиқ имтиёзи-ку ҳали йиғилмаган солиқ, таклиф этилаётган бюджетдан компенсация эса меҳнат қилиб йиғилган бюджет маблағларининг бир тўп тўқ тоифа учун сочилиши, ундан ортиғи эмас. Нега лойиҳада бюджет учун юклама миқдорини кўрсатилмагани тушунарсиз? Ҳар йили 50 минг бойга компенсация берилса, иккинчи йилдан компенсация миқдори неча триллион бўлади? Бу компенсацияни тўлаш учун кимларга солиқлар оширилади? Ё яна ижтмоий нафақалар кесиладими? Яқиндагина эмасмиди, бойларни субсидиямайлик, дея энерготариф шкалаларини киритилгани? Ўтган ҳафта эмасмиди иссиқлик тарифи учун 60 кв.м ижтимоий норма таклиф этилгани?
Иккинчидан, электромобиллар ижтимоий товар эмас ёки бўлмасам, муҳтож тоифаларнинг бирламчи зарурияти ҳам эмас. Ўзбекистондаги даромадлар нисобида қаралса, электромобиллар бойлар ва ўта бойларнинг танлови. Нима учун бойларнинг комфорти учун хусусан, ўқитувчи ва дўхтирлар тўлаган солиқдан ҳар йили 24 млн.сўмгача компенсация тўланиши керак? Нима учун иккинчи ва кейинги туғилган фуқароларидан 956 минг сўм
суюнчи пулини кесиш мумкин, бойлар ва ўта бойлар учун ҳар йили 24 млн.сўмгача совуришда бунчалар ҳотамтой бўлинади? Адолатнинг янгиси шунақа бўладими?
Учинчидан, ҳар гал шунақа лоббилар пайдо бўлганида, оёқлар қаёдан ўсиб чиқаяпти деган савол қўйилиши керак. Оёқлар эса ўзини ўзи маҳаллийлаштирувчи деб ҳисобловчи, аслида эса имтиёзхўр ва қип-қизил чайқовчи монополистдан кўринади. Ишонмайсизми? Ўрнатилган 1000 БҲМ миқдорида (440 млн.сўм) чегарага чайқовчи Хитойдан бож ва утилизация йиғими тўламай олиб келиб, “маҳаллий” дея сотилаётган нақ 7 русумдаги электромобиллари мос тушади. Шунингдек, кредит фақат бирламчи бозорга, яъни чайқовчи монополистнинг дилерларига ўтказилади (Хитойдан моккилар томонидан олиб кирилгани ҳисобмас). Буям ҳолва. Мезонлар билан оммабоп ва жозибали электромобилларнинг қатор тоифалари (
Li Auto (Lixiang), Deepal ва Leapmotor каби) аниқ-тиниқ қилиб қоидаларга тушмайдиган қилиб қўйилган.
Тўртинчидан, агар электромобилларни оммавийлаштириш бўйича ниятлар самимий бўлса, мард бўлиб,
электромобиллар учун утилизация йиғимини бекор қилингани самарали эмасми? Бу имтиёз бўлмайди, имкониятларни тенглаштириш бўлади. Чунки чайқовчи монополист учун утилизация йиғими бекор қилиб берилганку. Қолганларгаям бекор қилайлик, ҳеч қурса, 1,5 йилга, энергокризис тугагунча.
Ўзбекистонликлар бефарқ бўлмай, айниқса
ўқитувчилар, дўхтирлар, ишчи-деҳқонлар, пенсионерлар, талабалар, нафақачилар — ижтимоий қатламлар бу антижтимоий лойиҳага ўз муносабатини билдиришлари керак.
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram