Бузиладиган Қўйлиқ ҳақида
Ҳар доимгидек, шаҳар ҳокимияти навбатдаги бузиладиган объектни бузиш ва ўрнига қуриш масаласида тийиқсиз феодалларга хос кўринишда
ахборот эълон қилди. Гўёки уларнинг айтгани шу, қолганлар феодал нима деса, шуни қабул қиладиган подданный, крепостной ё қарол:
"Қўйлиқ" деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилади. Тамом.
Қўшимча маълумот кейин берилади. Катта эҳтимол айни дамда ҳокимиятда қўшимча маълумотнинг ўзи йўқ. Ваҳоланки, Қўйлиқ бозори қанақадир дўкон эмас, бутун экотизими билан ҳисоблаганда пойтахтдаги энг катта иш берувчи.
Ваҳима қилма, қанақа саволлар бор, дейсизми?
Биринчидан, айтилганидек, Қўйлиқ бу энг катта иш берувчи, пойтахт ва водийлик ўнминглаб фуқароларимизнинг тирикчилиги, оиласининг тебратиши шу ердан. Демакки, бозор бузилса улар даромадсиз қолади. Мен катта йўқотишларга учрайдиган мулкдорлар, дўкондорларни айтмаяпман. Совға қилинган 2,5 миллиард сўмлик мерседес минадиганлар буни тушунмаслиги мумкин. Бозор бузишдан аввал янгисини қуриш, тўлиқ ишга тушириш, харидорлар унга ўрганиши ва кейингина уни кўчириш керак. Ишчилар, сотувчилар, ижарачилар, дўкондорлар - ҳамманинг ҳақини адо этган, алдамаган ҳолда.
Иккинчидан, Қўйлиқ нафақат бозор, бутун бошли 3 миллионлик пойтахт аҳолисини сабзавот, мева ва бошқа озиқ-овқатларни жамловчи ва тақсимловчи хаб, логистика маркази ҳам. Йирик харидорлар ва йирик сотувчилар учрашадиган умумий платформа ҳам. Бу занжирнинг бузилиши пойтахтдаги нархларга жуда жиддий таъсир кўрсатади. Инфляцияни 10%дан кам қилиб ясаётганлар ҳам бу ҳақда ўйлаб кўришса бўларди. Янги логистика шакллангунигача вазият қандай бўлади? Бунга нисбатан қандай чоралар мавжуд?
Учинчидан, нормал одамлар айтавериб, ёзавериб чарчади. Йўлларнинг кенгайтирилиши, кўприклар қурилиши шаҳарда транспорт муаммосининг стратегик ечими эмас. Кенг йўллар ва кўприклар бўлажак бунданда катта муаммоларнинг боши. Ўзларингиз қурган кўприклар ва кенгайтирган йўлларингизга бир қаранг, қай аҳволдаги транспорт муаммолари яралмоқда. Наҳотки ўз хатоларинизни ўзингиз кўра олмасангиз?
Тўртинчидан, эълон қилинганига қараганда кўприкнинг макети ва кўриниши тайёр. Лекин доимгидек унинг на суммаси ва на тасдиқланган лойиҳаси бор. Янги Ўзбекистонда муттаҳамлар ўзлаштириб олган прием - қурилиш ва лойиҳалашнинг бирга олиб бориш режалаштирилаётган бўлиши ҳам мумкин. Кейинги масала - тендер. Қани тендер? Қачон эълон қилинади? Ё яна қурилиш бозорини эгаллаб олган учта чўнтак компаниядан бирига тортиқ қилинадими? Гап триллионлаб сумма ҳақида кетмоқда.
Бешинчидан, ўтган ойда
бозорларни сотиш ҳақида режалар эълон қилинганди. Сотиладиган бозорлар рўйхатида Қўйлиқ ҳам бор. Энди савол: бузиладиган бозорни кимга сотасизлар? Қайси тентак инвестор бузиладиган бозорга харидор бўлади? Қўйлиқни бузиб бошқа сотувга тайёрланаётган ўнлаб бозорларнинг нархини ҳам бир пул қилаётганингизларни, Ўзбекистонга қанча эҳтимолий зарар келтираётганингизни биласизми? Ўнг қўлингиз қилаётган ишдан чап қўлингиз хабардорми ўзи? Ё аввалбошдан режа шундай бўлганми? Бозорларни бузиб, инвесторларни совутиб, қолган бозорларни бир тийин нархида ўзлаштиришми режа?
Бу саволлар якуний эмас.
P.S. Бозор бузилаётганидан "Қўйлиқ дехқон бозори" АЖнинг 14,3 фоиз, Улгуржи бозорнинг 6,8 фоиз акцияларига эгалик қиладиган хусусий акциядорлар хабардормикан? Уларнинг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?
@the_bakiroo
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram