15 йиллик адолатсизликка чек қўйилади: хусусий компанияларда ҳам "декрет" пулини давлат тўлайди
2010 йилда бюджет харажатларини тежаш (ва балки туғиш рағбатини камайтириш) важи билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ нафақалар иш берувчилар зиммасига
юкланган эди. Яъни ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш билан боғлиқ тўловлар фақат бюджет ташкилотларда ишлайдиган аёлларга бюджет ҳисобидан тўлаб келинган.
Фақат 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан чекланган миқдорда тўлаб берилиши (минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида) йўлга қўйилган. Хусусий секторда "декрет" пуллари муаммоси нафақат ижтимоий дискриминация ва адолатсиз босимлар, балки ўнминглаб аёл-қизларни норасмий секторда қолишлари ёки меҳнат муносабатларини расмийлаштирмаслик сабабларига айланиб қолган.
Кечаги йиғилишда Давлат раҳбари хусусий секторда банд бўлган аҳолининг барчасига ҳам ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш бўйича нафақалар тўлаб берилмаётгани муаммосига эътибор қаратган. Тўловлар кўп ҳолларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келаётгани ва рақобатбардошликка таъсир кўрсатаётгани,
иш берувчилар нафақаларни тўлашга ортиқча юкланма сифатида қараётгани, бюджетдан қоплаб берилаётган туғиш бўйича нафақа миқдори камлиги сабабли тадбиркорлар учун ушбу тизим жозибадор эмаслиги таъкидланган.
Энди 2026 йилдан бошлаб ҳомиладорлик нафақаси Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўлаб борилади.
Бу ҳаммаси эмас. 2026 йил иккинчи ярмидан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик варақаси) нафақаларининг тўланиши ҳам Ижтимоий ҳимоя жамғармасига ўтказилади.
Мана бу ўзгаришларни ижтимоий давлат қадриятларига росмана қайтиш деса бўлади.
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram