Шафқатсизликка биринчи имконият бермаслик керак
Бир неча кундан бери бизга мурожаатлар келиб тушмоқда. Мазмуни бир хил:
мушукларга нисбатан шафқатсиз муносабат қилган шахсларга қаттиқроқ жазо тайинланиши учун адвокат сифатида иштирок этиб беришимизни сўрашмоқда.
Аввало, азизлар, бундай муносабатингиз олқишга лойиқ. Бу сизларнинг нафақат инсонларга, балки ожиз жонзотларга нисбатан ҳам бефарқ эмаслигингизни кўрсатади.
Энди масаланинг ҳуқуқий томонига ўтайлик.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига асосан,
ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Агар бундай ҳаракат
ҳайвоннинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, энг юқори жазо - 15 суткагача маъмурий қамоқ.
Жиноят кодексининг 202¹-моддаси эса бундай қилмиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади. Лекин муҳим шарт бор: шахс аввал маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши керак.
Шундан кейингина бу ҳаракат жиноят деб баҳоланади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатлар бўйича суд ҳуқуқбузарлар биринчи марта содир этганлиги сабабли 10 ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазолари тайинлагани кўринмоқда.
Яъни қонун талабига кўра, қарор қонуний бўлиши мумкин. Лекин…адолат нуқтаи назаридан-чи?
Бугунги қонун шундай дейди: аввал маъмурий жазо, кейин жиноят. Лекин савол бор:
биринчи мартадаёқ қийноқ ва ўлим бўлса-чи?
Хорижий амалиётга назар ташлайлик. Германия, Туркия, Қозоғистон каби давлатларда бундай қилмиш: биринчи мартадаёқ жиноят сифатида баҳоланади. Чунки улар бир ҳақиқатни тан олган, назаримизда.
Шафқатсизликни “биринчи марта” деб оқлаб бўлмайди. У биринчи мартадаёқ жиноят.
Шу муносабат билан, Жиноят кодексининг 202¹-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
“Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни қасддан қийноққа солиш ёки азоб бериш орқали уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келган ҳаракатлар —
биринчи марта содир этилганидан қатъи назар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.”
@Advokat_Abdullayev
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram