avatar
YURISTKADR
@yuristkadr
25.05.2026 19:20
19 ой деганда адолатни тикладик!

Ўтган ҳафта, 21 май куни Тошкент шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида навбатдаги ишда ғалаба қозондик. Мазкур ишда шогирдим Юлчиев Хусниддин Алишер ўғли ҳимоямиз остида бўлган даъвогар ходиманинг ҳуқуқларини ҳимоя қилди.

«Агросаноат» агентлиги ҳимоямиз остида бўлган даъвогарни «қўпол қоида бузди» деган важ билан 2024 йилнинг ноябрь ойида ноқонуний равишда ишдан бўшатиб юборган эди. Ваҳоланки, даъвогар бу вақтда ҳомиладор бўлиб, иш берувчига бу ҳақда бир неча маротаба маълум қилган. Лекин қуйи судлар «иш берувчи ходимни ишдан бўшатишда унинг ҳомиладор эканидан бехабар бўлган» деган важ билан даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган.

Аслида эса, иш берувчининг ходим ҳомиладорлигидан «бехабар» эканлиги унга Меҳнат кодексида ҳомиладор аёллар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича белгиланган қатъий чекловларни айланиб ўтиш ҳуқуқини бермайди.

❗️Меҳнат кодексининг 408-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди (ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси тугатилган ҳоллар бундан мустасно).

Тошкент шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида судьялар Алманов, Қаюмов ва Сайдаҳмедовлардан иборат бўлган суд таркиби ишни кўриб чиқиб, қуйи судларнинг қарорларини хато деб топди. Суд даъвогарни ишга тиклаб, иш берувчидан 320 миллион сўм иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Бунда суд ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган вақтда ҳомиладор бўлганини, бу борада иш берувчини аввалдан бир неча маротаба ёзма тарзда огоҳлантирганини ҳамда Меҳнат кодексининг 163 ва 408-моддаларига кўра, ҳомиладор аёлнинг меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш мумкин эмаслигини ўз қарорига асос сифатида келтириб ўтди.

Адолат тикланди. Лекин бу кунгача нақ 19 ой давомида ходим сарсон бўлди.

Тафтиш инстанцияси жараёнида бизнинг важларимизни тўлиқ эшитгани, ишнинг ҳақиқий ҳолатига тўғри ва холис баҳо бера олгани, адолатли ҳамда қонуний қарор қабул қилгани учун Тошкент шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси судьялари — И.Алманов, Х.Қаюмов ва А.Сайдаҳмедовларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

👉@yuristkadr
31 13.1K

Обсуждение 0

Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.

Обсудить в Telegram

YURISTKADR

57.5K
Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев ва жамоа мутахассислари жавоб беради.

Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot
Открыть в Telegram