Идеалда камида 5та аэропорт очиқ танлов орқали глобал лоукостерларга берилиши керак эди
Биз Россия Украинага бостириб кирган вақтда юзага келган бўшлиқни тўлдириш орқали Шарқ ва Ғарбни боғловчи уникал авиабозорга айланиш имкониятига эга бўлгандик.
Лекин авиабозоримизни биқиқ ва соғин сигир ҳолатида ушлаб туриш мақсадидаги очофат олигархия ва уларнинг боқувидаги шотир амалдорларнинг тор манфаатлари ва худбинлиги туфайли уникал вазиятдан фойдалана олмадик.
Ҳа, Тошкент, Термиз, Андижон ва Нукус аэропортлари ҳозирги реалликларда стратегик аҳамиятга эга ва улар давлатнинг қўлида бўлиши керак. Лекин соф бозор яратиш учун, Урганч ва Қаршидан тортиб Наманган ва Фарғонагача бўлган аэропортларни очиқ танлов орқали ўзаро боғланмаган глобал лоукостерларга очиқ танлов ўтказиш орқали топшириш керак эди. Арзон ёқилғисиниям ўзи топиб келарди, сервисни ҳам яратишарди, ҳудудлардан Тошкентга доимий маҳаллий қатновлар сеткаси ҳам пайдо бўларди. Ўзбекистон нафақат ўзбеклар учун, Глобал жанубдан Шимолгача, Шарқий Европадан Узоқ Шарққача етадиган ва элтадиган тугунга айланарди. Бозоримиз 2 карра эмас, 10 карра кенгайган бўларди.
Биз нима қилдик? Каррасига қимматлаштирилган ва сопини давлат буюртмаларидан чиқариб берадиган йўллар билан аэропортларни "хусусий шерикларга" топшириш йўлини тутдик (Самарқанд) ва тутмоқдамиз (Бухоро). Қолган аэропортларни советча усулда битта монополист компанияга вертикал бўйсундирдик ва шунинг учун улар ҳали ҳам ғирт совет аэропортлари бўлиб қолмоқда. Битта вертикалдаги аэропортлар ўзаро рақобатда бўлмаслиги ва бизнес фаолиятни кенгайтиришга уринмаслигини билишмади, деб ўйлайсизми? Билишарди, лекин уларга шу йўл афзал эдида. Доимий ва кафолатланган давлат буюртмаси, таъмирлаб пул ўзлаштириш, қимматлаштирилган ёқилғидан бошқаси қизиқ бўлмаса, қизил директорлар нима қилишсин?
Дарвоқе, аввал бошда режалар ёмон эмас эди. Ҳозир масалан, 2020 йилда 10та аэропортда "очиқ осмон" режими эълон қилинганини биров эсламайди (бугунги етиб келган жойимиздаги кўзда қаралса, кўз кўрди учун қилингандек, айниқса бу пандемия пайтида юз бергани инобатга олинса).
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram