«Жуда яхши савол, раҳмат!»
Бир қанча илм вакилларининг суҳбатлари, маърузаларини тинглаб, улардан интервью олиб, деярли барчасида бир кичик ва ажойиб одатни кузатдим.
Улар одатда ҳар бир саволдан кейин савол берувчига исми билан мурожаат қилиб, унга саволи учун миннатдорчилик билдиришади. Савол қандай бўлишидан қатъий назар «Бу жуда яхши савол» каби жумлаларни ишлатишади.
Яқинда яна бир мутахассисдан интервью олдим, саволларимни беришдан олдин сув узатганимда «сизни саволларингиз қийинроқми», дея ҳазил билан гап бошлади. Кейин эса деярли ҳар бир саволимни эътироф этиб, кейин батафсил жавоб берди. Илм вакиллари орасидаги мана шу маданият ва камтарлик менга ёқади.
Балки шунинг учун ҳам бошқа соҳа вакилларидан кўра илм вакиллари билан суҳбат қуриш мен учун завқлироқ жараёндир. Ҳар ҳолда, улар диққатини сиздаги саволларга эмас, ўзидаги жавобларга қаратади. Ва савол берувчини муҳокама қилишга киришиб кетмайди. Бу суҳбатдош учун жуда қулай муҳит яратади.
Мана шу муҳит таъсирида эса сиз ўзингиз тентакча деб ўйлаган саволларни ҳам бера бошлайсиз. Ва бемалол айта оламанки, баъзан шу тентакча саволлар интервьюдаги жавобларнинг энг қизиқ қисмларига дарча очади.
Шу ўринда сўнгги суҳбатнинг норасмий қисмидан бир парча келтириб ўтсам (яқин орада матнини ўқишингиз мумкин бўлади).
«Биласизми, бундан анча аввал, фаолиятим бошида университетда дарс берганман. Ўшанда ўрганган бир нарсам бор: аҳмоқона савол деган нарса йўқ, фақат аҳмоқона жавоб бўлиши мумкин. Шунинг учун бемалол сўрашингиз мумкин, жавоб бериш масъулияти эса менинг зиммамда».
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram