Кредитни қайта молиялаштириш: бу нима дегани?
Сўнгги вақтларда банклар томонидан бошқа банкларнинг
кредитини қайта молиялаштириш бўйича рекламалари пайдо бўлиб бормоқда.
Банкларнинг мижозларнинг бошқа банклардаги кредит қарздорлигини «сотиб олиш» бўйича таклифлар кўпайиб бормоқда.
Содда қилиб айтганда, «Б» банк сизнинг «А» банкдаги кредитингизни тўлиқ ёпиб беради ва сиз энди қарзни «Б» банкка, янги шартлар асосида тўлайсиз.
Авваллари асосан юридик шахслар кредитларига тааллуқли бўлган бу амалиёт, бугун жисмоний шахслар кредитлари учун ҳам фаол таклиф қилинмоқда.
Банклар нима учун бу хизмат турини таклиф қилмоқда?
Биринчидан, янги мижоз қидириб топишдан кўра, тайёр мижозни жалб қилиш осонроқ. Иккинчидан, бу – тайёр ва тўлов интизоми шаклланган мижозни қўлга киритиш имкониятидир.
Банк учун бу нолдан кредит беришга нисбатан кам рискли модел.
Мижоз учун нима фойда?
Кўп ҳолларда бу пастроқ фоиз ставкаси, қулай ойлик тўлов ва муддатни қайта кўриб чиқиш имконияти таклиф этилади.
Айтайлик, сиз икки йил аввал йиллик 34% ставкада 4 йил муддатга микроқарз олгансиз. Ҳозир бошқа банк уни пастроқ (24-26%) ставкада 3 йил муддатга қайта молиялаштиришни таклиф қилмоқда.
Бунда ставкани пасайтирилиши ва кредит муддатини узайтирилиши эвазига ҳар ойлик тўловингизни сезиларли камайтириш имкони пайдо бўлади.
Лекин муҳим жиҳати бор:
Қайта молиялаштириш ҳар доим ҳам фойдали эмас. Ойлик тўлов камайиши мумкин, лекин муддат узайиши ҳисобига умумий тўланадиган сумма ортиб кетиши эҳтимоли бор. Қўшимча суғурта ва бошқа комиссия тўловлари ҳам бўлиши мумкин.
Хулоса ўрнида:
Қайта молиялаштириш – бу кредитдан қочиш эмас, балки уни қайта тартибга солиш имконияти. Лекин ҳар қандай “қулай таклиф” ортида аниқ ҳисоб-китоб туриши керак.
Фақат ойлик тўлов камайганига қараб қарор қабул қилиш тўғри эмас. Энг муҳими – охирида жами қанча тўлайсиз? Қўшимча суғурта ёки комиссия борми? Янги шартномада пеня ва жарималар қандай белгиланган? Шу саволларга жавоб олмасдан қарор қабул қилмаслик тўғрироқ.
@bankmijoz
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram