Сирдарёвилоятида яна бир мураккаб ва масъулиятли тиббий ҳолат муваффақиятли ҳал этилди. Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали шифокорлари оғир клиник вазиятдаги ҳомиладор аёл ва унинг эгизак чақалоқлари ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди. Гулистон шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган, иккинчи ҳомиладорлик билан мурожаат қилган аёлда тиббий текширувлар жараёнида оғир даражадаги преэклампсия, эгизак ҳомиладорлик ҳамда бачадонда аввал ўтказилган жарроҳлик амалиётидан қолган чандиқ мавжудлиги аниқланган. Ушбу омиллар бир вақтнинг ўзида бирлашганда она ва ҳомила ҳаёти учун юқори хавфли клиник ҳолат юзага келган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолат акушерлик амалиётида ўта мураккаб клиник вазиятлар сирасига киради. Эгизак ҳомиладорлик организмга тушадиган юкламани икки баравар оширади, преэклампсия эса қон босимининг кескин ошиши, буйрак ва жигар фаолияти бузилиши, плацентар етишмовчилик ҳамда қон кетиш хавфини кескин кучайтиради. Шу боис бундай беморлар доимий мониторинг ва шошилинч жарроҳлик аралашувини талаб этади. Аёлда ҳаёт учун хавфли асоратлар кучайиши эҳтимоли инобатга олиниб, шошилинч кесарча кесиш амалиёти ўтказилди. Операция марказнинг тажрибали акушер-гинекологлари Матлуба Жўраева ва Гўзал Ёрматова бошчилигида муваффақиятли амалга оширилди. Натижада бир ўғил ва бир қиз чақалоқ дунёга келди. Чақалоқларнинг вазни мос равишда 2900 грамм ва 2790 грамм, бўйи эса 43 сантиметрни ташкил этди. Ҳозирда она ва чақалоқларнинг аҳволи қониқарли бўлиб, улар шифокорларнинг доимий назорати ва парваришида.
— Оғир даражадаги преэклампсия, эгизак ҳомиладорлик ва бачадон чандиғи каби омиллар бир вақтнинг ўзида кузатилганда, бу ҳолатни биз юқори хавфли акушерлик вазияти сифатида баҳолаймиз. Бундай беморларда асоратлар жуда тез ривожланиши мумкин, шунинг учун уларни кузатиш, тезкор диагностика ва профессионал жарроҳлик аралашуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бизнинг асосий мақсадимиз — ҳар қандай вазиятда ҳам она ва чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолишдир. Ушбу амалиёт ҳам ана шу тамойил асосида амалга оширилди ва натижада икки нафар соғлом чақалоқ дунёга келди, — дейди Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали директори, олий тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева.
Мутахассислар шунингдек, бундай мураккаб ҳолатларнинг олдини олишда ҳомиладор аёлларнинг ўз вақтида тиббий рўйхатга олиниши, мунтазам скрининг текширувларидан ўтиши ва шифокор тавсияларига қатъий амал қилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлашмоқда. Преэклампсиянинг илк белгилари — қон босимининг ошиши, шишлар, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик ҳисобланади. Ушбу белгилар пайдо бўлган тақдирда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Шу тариқа, Сирдарё филиалида амалга оширилган ушбу мураккаб жарроҳлик амалиёти замонавий тиббиёт имкониятлари, шифокорларнинг юқори профессионаллиги ва тезкор қарор қабул қилиш салоҳиятининг ёрқиннамойиши бўлди.
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram