avatar
Камолиддин Раббимов
@Rabbimov_rasmiy
03.06.2026 09:33
«Россиянинг “Толибон” билан ҳарбий ҳамкорлиги Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилади?»

Толибон” сиёсий тизими ва Россия Федерацияси ўртасида ҳозирча сифат жиҳатидан юқори даражадаги ҳамкорлик шаклланмаган. Мавжуд алоқалар асосан чекланган ва кўпроқ риторик характерга эга. Яъни томонлар ўзаро дўстликни таъкидловчи баёнотлар билан чиқмоқда: “сиз бизнинг дўстимизсиз, биз сизнинг дўстингизмиз” қабилидаги сиёсий нутқлар устунлик қилмоқда.

Россия томонидан “Толибон” ихтиёридаги эски ҳарбий техникаларни, жумладан, танк ва артиллерия воситаларини таъмирлаш бўйича айрим ҳамкорлик мавжуд. Бироқ бу “Толибон”ни янги ҳарбий қудратга айлантирмайди. Бундай лойиҳалар, биринчидан, молиявий жиҳатдан тўлиқ таъминланиши керак, иккинчидан, Россия бу хизматларни бепул амалга оширмайди. Шунингдек, бу маблағларни ким ва қандай шаклда тўлаши масаласи ҳам очиқ қолмоқда.

Амалиёт шуни кўрсатадики, сиёсий келишувларнинг катта қисми дастлаб тантанали учрашувлар ва баёнотлар билан имзоланади, бироқ кейинчалик уларнинг муҳим қисми тўлиқ амалга ошмайди ёки қадрсизланади. Расмий ташрифлар давомида илиқ кутиб олиш, меҳмондўстлик муҳитини яратиш орқали дўстона алоқалар намойиш этилади, аммо бу ҳар доим ҳам реал стратегик ҳамкорликни англатмайди.

Бугунги кунда ҳеч бир йирик давлат “Толибон”ни кучли геосиёсий ёки ҳарбий иттифоқчига айлантиришга жиддий интилаётгани кузатилмайди. Дастлаб Хитой томонидан эҳтиёткор қизиқиш бўлган бўлса-да, ҳозирги вазиятда “Толибон” атрофида икки асосий геосиёсий кесишув мавжуд: юқори даражада АҚШ ва Хитой рақобати, минтақавий даражада эса Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик.

Тарихий жиҳатдан қаралганда Афғонистон ҳудуди ташқи кучлар учун мураккаб майдон бўлиб келган. Бу ерга кирган йирик давлатлар – Британия империяси, Совет Иттифоқи ва АҚШ узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг сезиларли йўқотишлар билан чиқиб кетган. Шу боис сиёсатшунослар орасида Афғонистон кўпинча “империялар қабристони” деб аталади.

“Толибон”нинг ўзи ҳам ташқи экспансия сиёсатини қўллаб-қувватламаслигини бир неча бор таъкидлаган. Улар ўз ҳудудини ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирган, бироқ бошқа давлатларга бостириб кириш нияти йўқлигини қайд этган. Россия ҳам “Толибон”ни расман тўлиқ сиёсий тизим сифатида тан олмаган. Худди шундай, Хитой ҳам бу борада эҳтиёткор позицияни сақлаб қолмоқда. Дипломатик алоқалар, элчилар алмашинуви, расмий ташрифлар мавжуд бўлса-да, тўлиқ сиёсий легитимация ҳали берилмаган.

Шу билан бирга, “Толибон” ҳозирда прагматик сиёсат юритишга ҳаракат қилмоқда. Улар Марказий Осиё давлатларига нисбатан таҳдид бўлмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Агар “Толибон” Россия билан ҳамкорлик қилиб, минтақага хавф туғдирадиган сиёсат юритса, бу ўз манфаатларига зид бўлар эди. “Толибон” мафкуравий жиҳатдан диний ҳаракат ҳисобланади. Шу сабабли улар ўз эътиқодига қарши сиёсат юритса, бу уларнинг ички легитимлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Камолиддин Раббимов


Расмий саҳифалар:

Тelegram |Instagram* |Facebook*
👍 33
8
🔥 5
👏 2
15 4.3K
* Принадлежит организации Meta, которая признана экстремистской и запрещена на территории РФ

Обсуждение 0

Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.

Обсудить в Telegram

Камолиддин Раббимов

25.6K
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг расмий телеграм саҳифаси

Реклама учун: @Rabbimov_reklamabot

Instagram*: http://instagram*.com/kamoliddin_m_rabbimov/
Facebook*: https://www.facebook*.com/rabbimov.kamoliddin
* Принадлежит организации Meta, которая признана экстремистской и запрещена на территории РФ
Открыть в Telegram