Суд қарори “музлатилди”: ходим ишга тикланган, аммо маошини ололмаяпти
Каттақўрғон тумани
“Андоқсой” МФЙда ҳоким ёрдамчиси яна мурожаат билан чиқди.
Унинг айтишича, суд қарори билан ишга тикланган бўлса-да, ходим ўтган йил ноябрь ойидан буён иш ҳақини ололмай сарсон.
Суд қарори давлат номидан чиқарилади ва уни ижро этиш мажбурий. Аммо бу ҳолатда қарорнинг ижроси нима сабабдан таъминланмаётгани очиқ қолмоқда.
Мурожаатчига кўра, иш ҳақини ундириш ва суд қарорини ижро эттириш бўйича Мажбурий ижро бюросига ҳам мурожаат қилинган.
Хўш, суд қарорининг ижросига ким тўсқинлик қилмоқда?
Нега ишга тикланган ходим бир неча ойдан бери маошини ололмаяпти?
Бу гал Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам ҳокимнинг важоҳатидан чўчиб, индамай томошабинга айлангандек.
Биз ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ҳокимлик ҳисобчиси билан боғландик. У эса ходимга тўланмай келаётган иш ҳақи борлигини яширмади.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: ходим меҳнат қилса-ю, қўли пул кўрмаса, бу ҳолатга қандай баҳо бериш мумкин?
Агар ҳокимлик масъулларининг бир ойлик иш ҳақи кечиктирилса, улар бунга қанча вақт чидаган бўларди? Ёки Мажбурий ижро бюроси ходимларининг ўз маоши бир ой берилмаса, улар қандай йўл тутарди?
“Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор”, деганларидек, МИБ ходимлари ҳамон бу муаммога жиддий муносабат билдирмаётгандек.
Ахир гап оддий бир рақам ёки қоғоз ҳақида эмас — ходимнинг меҳнати ва унга тегишли иш ҳақи ҳақида кетяпти. Суд қарори ижроси таъминланиши, ходим эса қилган меҳнати учун ўз ҳақини олиши керак эмасми?
https://t.me/OPA_UKA_JURNALISTLAR
Обсуждение 4
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram