Судда бурилиш нуқтаси: эксперт ҳам синовдан ўтади
Яқинда бир суд мажлисида қизиқ ва, энг муҳими, принципиал ҳолатга гувоҳ бўлдик. Эксперт сўроқ қилинаётганда, биз унинг хулосасига асос бўлган билим ва малакасига оид саволлар бердик. Шу пайт эксперт эътироз билдириб, “Сиз менинг билимимни текширмоқчимисиз?” - деди.
Раислик этувчи судьянинг жавоби эса аниқ ва ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо тўғри бўлди: “Адвокат саволини олиб ташламайман. Жавоб беринг. Керак бўлса, билимингизни ҳам текширамиз. Чунки экспертиза хулосасининг ишончлилигига ҳуқуқий баҳо бериш масаласи бор.”
Бу позиция оддий гап эмас. Бу суд жараёнидаги энг муҳим принциплардан бирини амалда таъминлашдир. Эксперт “танқиддан ҳоли шахс” эмас. Унинг хулосаси сўзсиз ҳақиқат эмас. Ва энг муҳими, экспертнинг билими, тажрибаси ва хулоса чиқариш услуби текширилиши шарт бўлган омил.
Акс ҳолда, экспертиза “текширилмайдиган ҳақиқат”га айланиб қолади. Адвокатнинг савол бериш ҳуқуқи эса формал ҳуқуқ эмас, бу ҳимоянинг асосий қуроли.
Судьянинг мазкур позицияси эса шуни кўрсатадики, агар экспертиза хулосаси суд қарорининг асосига айланар экан, у ҳолда унинг муаллифи ҳам очиқ, асосланган ва профессионал синовга тайёр бўлиши шарт.
@Advokat_Abdullayev
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram