avatar
Advokat Abdullayev | Rasmiy
@Advokat_Abdullayev
02.04.2026 20:49
Ҳукм эмас, тушунтириш адолатни яратади

Олий суд биноси ёнида инсоннинг дарахтга чиқиши ҳақидаги ҳолат бизни бир нарсани яна бир бор ўйлашга мажбур қилди.

Чунки амалиётда биз кўп бор шунга гувоҳ бўлганмиз. Инсон келади, ишини кўтарамиз, қарорни ўқиймиз, ва аслида муаммо ҳукмда эмас, тушунтиришда эканини кўрамиз.

Шу ҳолатлардан бири ҳақида тўхталишни лозим деб топдик. Бир онахон қабулимизга келди. “Ўғлим ишини кўриб беринг”, деди. Ҳужжатларни қолдирди. Айблов ЖК 25, 118-моддаси 3-қисми "а" банди.

Саволлар аниқ. Жиноий қилмишни 128-моддасига қайта квалификация қилиш мумкинми? Жабрланувчи қўшни, даъвоси йўқ, бу ҳисобга олинадими?

Келишилганидек, ишни ўргандик. Тўхтамимиз оддий, лекин оғир. Квалификация асосли, 128-моддага ўтиш учун ҳуқуқий асос йўқ, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ҳал қилувчи эмас, лекин айнан шу ҳолатлар инобатга олиниб, суд ЖК 57-моддани қўллаб, 7 йиллик жазони енгиллаштириб тайинлаган.

Яъни суд квалификацияни ўзгартирмаган, лекин жазода инсонпарварликни ҳисобга олган.

Биз суд хулосаси билан келишдик. Лекин энг муҳими, бу эмас эди. Биз онахонга нега 128-модда бўлмаслигини, нега жабрланувчининг даъвоси йўқлиги квалификацияни ўзгартирмаслигини, лекин айнан шу ҳолат жазо тайинлашда ҳисобга олинганини бирма-бир, шошмасдан, содда тилда тушунтирдик.

Чунки муаммо қаерда эди? Суд қарорларида бу масалалар бор. Лекин улар умумий қилиб ёзилган, етарлича очилмаган, инсон тушунадиган тилда етказилмаган.

Натижада қарор бор, лекин тушунтириш йўқ. Айнан шу бўшлиқни тўлдирдик. Ва шунда онахон қарорни эмас, адолатни тушунди.

Онахон жим эшитди. Сўнг шундай деди: “Шу пайтгача ҳеч ким бундай тушунтирмаган эди… Энди тушундим. Фарзандим жазосини ўтасин.” Ва ишни олмасдан кетди.

Савол. Нима ўзгарди? Қарорми? Йўқ. Тушунтириш ўзгарди.

Хориж амалиётига қарасак, масалан, Германия, Япония, Туркия каби давлатларда ҳар бир важ алоҳида баҳоланади, рад этилган аргументга аниқ жавоб берилади, қарор мантиғи тушунарли тилда баён қилинади.

Шунинг учун у ерда инсон “мен ютқаздим” демайди, “менга тушунтирилди” дейди.

Айтамизки, адолат фақат чиқарилмайди.
У тушунтирилади. “Асос йўқ” дейиш етарли эмас. Нега асос йўқ, шуни инсон тушуниши керак.

Асос очиқ, аниқ ва кучли бўлиши керак. Шунда норозилик камаяди, ишонч ортади, ҳатто оғир ҳукм ҳам қабул қилинади.

@Advokat_Abdullayev
👍 34
🔥 6
👏 3
🕊 3
💯 1
29 8.3K

Обсуждение 0

Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.

Обсудить в Telegram

Advokat Abdullayev | Rasmiy

30.4K
Ушбу каналда адвокат Абдуллаев Абдумаликнинг ҳуқуқий йўналишда, айниқса тергов ва суд жараёнларига оид юқори савиядаги профессионал фикр-мулоҳазалари, муносабатлари бериб борилади.

Мурожаат учун: +998900184808
Открыть в Telegram