avatar
hadis.islom.uz
@hadisislomuz
31.05.2026 11:23
Риёзус солиҳийн шарҳи.

13 - боб
Яхшиликнинг
йўллари кўп эканлиги баёни

137-ҳадис.

عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى مَا يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا، وَيَرْفَعُ بِهِ الدَّرَجَاتِ؟» قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «إِسْبَاغُ الْوُضُوءِ عَلَى الْمَكَارِهِ وَكَثْرَةُ الْخُطَا إِلَى الْمَسَاجِدِ، وَانْتِظَارُ الصَّلَاةِ بَعْدَ الصَّلَاةِ، فَذَلِكُمُ الرِّبَاطُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хатоларни ўчириб, даражаларни кўтаришига сабаб бўладиган нарсага сизларни далолат қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. «Қийинчиликларда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни кутиш. Ана ўша ишингиз риботдир», дедилар.
Имом Муслим ривояти.

Шарҳ:
Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегара қўриқлаб турган одам «рибот» ёки «муробит» дейилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда зикр қилинган амалларни бажарувчи кишилар эса, мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан «муробит» деб аталмоқдалар. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда.
«Қийинчиликлар» деб таржима қилинган сўз матнда «макориҳ» деб келган бўлиб, малолланиш, эриниш каби маъноларни ҳам ўз ичига олади.
Эътибор беринг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало саҳобаи киромларга савол ила мурожаат қилиш билан уларни маълум амалларга қизиқтириб қўймоқдалар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.
Бу савол, албатта, ҳар бир эшитувчининг қалбида «хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарса нима экан?» деган қизиқиш уйғотади.
Хатоси йўқ ким бор?
Хатосининг ўчишини хоҳламайдиган ким бор?!
Нима қилсам, хатоларим ўчар экан, деб ўйламаган ким бор?!
Қолаверса, даражаси кўтарилишини истамаган ким бор?!
Саҳобаи киромлар бу маънода ҳаммадан пешқадам бўлишга интилганлари маълум. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги саволни эшитишлари билан:
«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан кейин саҳобаларга хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсалардан учтасини айтдилар:
1. «Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш».
Бундан мусулмон одам таҳорат учун қандай қийинчиликларга дуч келса ҳам сабр қилиб, яхшилаб таҳорат олиши лозимлиги келиб чиқади. Таҳорат вақтида дуч келинадиган қийинчиликлар эса замонга, маконга ва шароитга қараб турлича бўлиши мумкин. Сув тақчил жойларда унинг нархи кўтарилиб кетиши ҳам таҳорат қилмоқчи бўлган одамга қийинчилик ҳисобланади, деб айтишган қадимги уламоларимиз. Шунингдек, ҳаво совуқ бўлиши туфайли ҳам қийинчилик туғилиши мумкин. Ҳозирги пайтда чет элларга сафар чоғида, нотаниш жойларда таҳорат қилиб олиш имкони йўқлиги ҳам қийинчилик ҳисобланади. Лекин булар таҳорат қилмасликка баҳона бўла олмайди. Худди ана шу нарса ҳадиси шарифда зикр этилганидек, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш банда хатоларининг Аллоҳ таоло томонидан ўчирилишига ва даражалари кўтарилишига сабаб бўлади.

Батафсил:
ушбу ҳаволада

Ушбу китоб Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 29 октябрдаги 01-07/6636 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

@hadisislomuz
👍 35
😢 7
🥰 5
🤩 3
👏 1
24 3.6K

Обсуждение 0

Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.

Обсудить в Telegram

hadis.islom.uz

18K
Nubuvvat marvaridlari
Открыть в Telegram