⚡️
Маҳалла банкирларига янги KPI белгиланади, битта банкирга кўпи билан 3 та маҳалла бириктирилади, 400 нафар янги банкир танлаб олинади ва “оғир” маҳаллалар учун кредит ставкаси 12 фоизга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда банклар ва маҳалла банкирлари фаолиятига оид қатор муҳим янгиликлар эълон қилинди.
☑️
Эндиликда битта маҳалла банкирига кўпи билан 3 та маҳалла бириктирилади. Бу орқали банкир ҳар бир маҳалла билан яқин ишлаб, аҳоли ва тадбиркорларнинг лойиҳаларини чуқур ўрганиши ҳамда уларни молиялаштиришгача кузатиб бориши керак бўлади.
☑️
Икки ҳафта ичида 400 нафар янги маҳалла банкири танлаб олинади. Улар ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган олийгоҳ битирувчилари ҳамда ёш мутахассислар орасидан сараланиб, бир ой давомида намунавий маҳаллаларда тажриба ўтайди.
☑️
Маҳалла банкирларига бизнес фаоллигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича KPI белгиланади. Туман ва шаҳар ҳокимлари маҳалла раислари билан бирга ҳар бир банкир учун йил якунигача аниқ вазифаларни шакллантиради.
☑️
Оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 трлн сўм имтиёзли ресурс ажратилди. Шунингдек,
“оғир” маҳаллалар учун кредит ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилди.
☑️
Маҳалла банкирлари энди ўзлари аниқлаган ва шакллантирган лойиҳаларни ушбу имтиёзли ресурслар ҳисобидан молиялаштириши мумкин бўлади. Янги тизимни
2026 йил 1 августдан жорий этиш топширилди.
☑️
Банклар ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаб, ташаббускорларни топиши ва даромадли лойиҳаларни кўпайтириши шарт. Банкирнинг асосий вазифаси кредит бериш эмас, балки лойиҳани топиш, шакллантириш ва уни амалга оширишга кўмаклашиш бўлади.
☑️
Арнасой туманидаги Бахтли маҳалласи банкирининг тажрибаси намуна сифатида келтирилди. У 20 та хонадонга 50 млн сўмдан кредит ажратиб, меҳмон уйлари ташкил этилишига кўмаклашган. Натижада ҳар бир хонадон бир мавсумда
100 млн сўмгача даромад ола бошлаган ва яна 80 та оила шу йўналишда фаолият бошлашга киришган.
☑️
Давлат банклари маҳаллаларни ихтисослаштириш билан чекланиб қолмайди. Энди улар
“Agrostar” компаниялари билан ҳамкорликда
“етиштириш – қайта ишлаш – сақлаш – қадоқлаш – сотиш” занжирини йўлга қўяди. Бир ой ичида
1 мингта маҳаллада ушбу тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.
☑️
Маҳалла раиси маҳалла банкирининг ҳафталик ва ойлик иш режасини тасдиқлайди ҳамда унга аниқ вазифалар беради. Банкир эса аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, кредит, ер, ускуна ва бошқа молиявий ечимларни таклиф қилиши керак бўлади.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, маҳалла банкири энди аҳоли мурожаатини кутиб ўтирмайдиган, балки ўзи лойиҳаларни топадиган, уларни шакллантирадиган ва молиялаштиришга олиб чиқадиган мутахассисга айланиши лозим.
Каналга уланиш👉🏻 @Bankxabar
Обсуждение 0
Обсуждение не доступно в веб-версии. Чтобы написать комментарий, перейдите в приложение Telegram.
Обсудить в Telegram