avatar
Advokat Qosimov
@advokatqosimov
16.07.2026 16:02
Зарар қопланмаса қамайман

Бу гапни жиноят ишларида қатнашадиган адвокатлар терговчилардан жуда кўп эшитишади.

Иш бўйича барча ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан ва гумонланаётган шахсга ўз эътирозларини билдириш имконияти берилмасдан туриб айтилади бу сўзлар.

Майли қамасанг қама, лекин аввал эътирозларини билдиришга имконият бер, эътирозларини ўрганиб кўр, десангиз, биз аниқлаб бўлганмиз, тўлаб тураверсин, агар иши тўғри бўлса қайтариб олаверади, деб жавоб беришади.

Терговчиларнинг ҳаракатидан мақсад ҳақиқатни аниқлаб, адолатни тиклаш эмас, балки зарар ундириш экан деган фикрга боради одам.

Аслида, ҳақиқатан ҳам терговчиларнинг фикри ёди қандай қилиб бўлмасин депозитга кўпроқ пул туширишда бўлиб қолган.

Чунки зарар сифатида ундирилган пулларни шу орган банкларга депозитга қўйиб, яхшигина фойда олади.

2025 йил 1 январь ҳолатига прокуратура органларининг банклардаги депозитларга қўйилган маблағлари 64 миллиард сўмни ташкил қилган.

Прокуратура органларининг ундирилган зарардан фойда олиши прокуратурани тергов жараёнидаги манфаатдор тарафлардан бирига айлантириб қўймоқда. Манфаат бўлган жойда истаймизми йўқми бир тарафга оғиш бўлади. Бу терговнинг бир ёқлама олиб борилишига сабаб бўлади.

Прокуратуранинг манфаатдорлиги яна шунда кўринадики, суд ҳукми билан депозитдан кимгадир ўтказилиши керак бўлган суммалар осонгина ўтказиб берилмайди. Қонуний кучга кирган суд ҳукми прокуратурада қайтадан ўрганилади ва муҳокама қилинади. Агар лозим топишса ўтказиб беришади, бўлмаса протест киритиб, яна қанчадир муддатга пул маблағлари прокуратура депозитида қолишига эришишади.

Қисқаси, прокуратура терговчилари адолатли ва объектив қарор қабул қилишлари учун зарар ҳисобига ундирилган пуллардан фойда олиш тизимини йўқотиш керак.

Бу тизим прокуратура органларининг молиявий аҳволига қанчадир миқдорда ёрдам бераётган бўлиши мумкин, лекин адолатли тергов ўтказиш жараёнига жуда катта салбий таъсир қилмоқда.

Каналга уланиш👇
👉@advokatqosimov👈
👍 40
🔥 1
59 4.8K

Advokat Qosimov

5.5K
Ушбу каналда адвокат Хайрулло Қосимовнинг мулохазалари ва ҳуқуқий маслаҳатлари бериб борилади.

Мурожаат учун: @qosimovadvokatbot
Адвокатлик хизмати учун:(+998 90) 537 20-71;(+998 50) 002 04 43
Открыть в Telegram